2017 йилнинг 1 июнь куни Тошкент вилояти 1-сонли болалар сил касаллиги сиҳатгохида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан қўллаб-қувватланган "Ёшларнинг наслий ва туғма касалликлар профилактикаси масалаларига доир билимлари ҳамда сил касаллиги ҳақидаги билимини ошириш” лойиҳа доирасида силга қарши курашамиз акцияси бўлиб ўтди.

Акцияни ўтказишдан асосий мақсад - ёшларда соғлом ва обод оилани барпо этишга интилишни шакллантириш, уларнинг наслий ва туғма касалликлар профилактикаси масалаларига доир билимларини ошириш, шунингдек, сил касаллигидан сақланиш, сил касаллигига чалинган беморларга даволаниш усуллари тўғрисида тушунчалар бериш, сил касаллиги ҳақида ёшларнинг билимини оширишдан иборат.

Акцияни Ўзбекистон врачлар ассоциацияси Тошкент вилояти бўлими масъул ходимлари Нодира Нормуродова, Гулнора Усмоновалар олиб бордилар. Акция давомида болалар ўртасида югуриш марафони, шахмат ва шашка мусобақалари, расм чизиш бўйича танловлар ўтказилди. 

Байрам кунида болажонлар учун байрам дастурхони тузалиб, уларга байрам оши тортилди. Сиҳатгоҳда даволаниб, ўқув йилни муваффақиятли тамомлаган болаларга фахрий ёрлиқлар топширилди.

Тадбир якунида сил касаллигидан сақланиш бўйича 30 та буклет, сил касаллигига чалинган беморларга даволаниш усуллари тўғрисида 30 та брошюра, сил касаллиги ҳақида ёшларнинг  билимини оширишга қаратилган 30 та плакатлар ва 120 та махсус футболка иштирокчиларга тарқатилди.