Ўзбекистон врачлар ассоциацияси тошкент вилояти бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фондининг молиявий кўмагида  "Сил касаллигидан сақланиш йўллари" мавзуида буклет ва сил касаллиги тўғрисида тушунчалар беришга  ва  ушбу касаллик ҳақида ёшларнининг билимларини оширишга қаратилган рисола ишлаб чиқилди ва чоп этилди. 

Сил касаллиги дунёда ижтимоий хавфли касалликлар сафида туради. Мамлакатимизда силга чалинган беморларга бепул ташхис ва стационар хизматлар кўрсатилади. Беморлар ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиши, қўрқиб ёки хижолат бўлиб касални яшириб юрмаслиги, силдан тезроқ қутилиш учун шифокор тавсия этган  дориларни ўз вақтида  қабул қилиш ушбу дарддан тўлиқ халос бўлишига олиб келади. Аммо эътиборсизлик билан бир кун ичилмай қолган дори  микроб чидамлилиги ошишига сабаб бўлади.  Хўш сил қандай касаллик ва у шунчалик хавфлими?

Жаҳон оммавий воситаларининг таъкидлашича, силга қарши курашиш оламшумул аҳамиятга эга. Шуни ҳам айтиш керакки, касаллик чегара билмайди.

Ватанимизда сил касаллигига қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Хозирда Ўзбекистонда аҳоли ўртасида сил билан касалланиш кўрсатгичи камайган, лекин дориларга турғун формалари кўпайган.

Касаллик кеч аниқланишининг асосий сабаблари, умум-тиббиёт соҳасида ишлаётган шифокорларнинг сил касаллиги клиник кўринишларини яхши билмасликлари ва бу касалликка эътиборсизлиги натижасидир. Бу эса касалликни даволаш самарадорлигининг пасайишига ва ногиронликнинг кўпайишига олиб келмоқда.

Рисола ёшларга сил касаллиги тўғрисида  тушунчалар бериш ва сил касаллигидан ҳимоя қилишга кўмаклашади деган умиддамиз.