Ўзбекистон Республикаси "Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонуни

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 й., 5-сон, 84-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 52-сон, 553-модда; 2013 й., 18-сон, 233-модда)

1-модда. Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари

Ушбу Қонун сил касаллигининг олдини олишга қаратилган ижтимоий, тиббий, санитария-гигиенага оид, эпидемияга қарши ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширишнинг, шунингдек сил касаллигига чалинган беморларни аниқлаш, даволаш, диспансер кўригидан ўтказиш ва реабилитация қилишнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди.

2-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

BCG — Кальметт-Герен бацилласи: сил касаллиги микробининг вакцина сифатида қўлланиладиган кучсизлантирилган штамми (кўриниши);

вакцинация — сил касаллигининг олдини олиш мақсадида чақалоқларда фаол иммунитет ҳосил қилиш усули;

ревакцинация — касал юқтирмаслик бобидаги йўқолган хусусиятни тиклаш ёки сил касаллигига нисбатан янада кучлироқ даражада иммунитет ҳосил қилиш учун одам ёки ҳайвон организмига такрорий равишда вакцина киритиш;

сил касаллиги — сил микобактериялари қўзғатадиган юқумли касаллик;

сил касаллигининг юқумли шакллари — сил касаллигининг сил микобактерияларини чиқариб турадиган фаол шакллари;

сил касаллигига кўра ноқулай бўлган чорвачилик объекти — ҳайвонларнинг сил касаллигига чалиниш ҳолати мавжуд бўлган объект;

сил микобактериялари (микроорганизмлар) — сил касаллигини қўзғатувчилар;

туберкулин ёрдамида ташхис қўйиш — касалликни аниқлаш учун одам ва ҳайвонларни туберкулин ёрдамида текшириш усули.

3-модда. Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

4-модда. Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилишнинг асосий принциплари

Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

сил касаллиги тарқалишининг олдини олишга доир профилактика чора-тадбирларини амалга оширишнинг изчиллиги ва доимийлиги;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, мамлакатимизда доимий яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларга сил касаллигига қарши бепул ёрдам кўрсатиш.

5-модда. Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилишни таъминлаш

Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш профилактика тадбирлари, тиббий кўриклар ўтказиш ва аҳолини сил касаллигига қарши кураш муассасаларида, шунингдек давлат соғлиқни сақлаш тизимининг бошқа муассасаларида сил касаллигидан даволаш йўли билан амалга оширилади.

Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган тартибда мажбурий тарзда BCG билан чақалоқларни вакцинация ва болаларни ревакцинация қилиш ҳамда туберкулин ёрдамида ташхис қўйиш амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёхуд атрофдагиларга сил касаллигини юқтириш хавфи мавжуд бўлган шахсларнинг бажариши ижозат этилмайдиган ишлар рўйхатини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқлайди. Рўйхатда кўрсатилган ишларни бажариши ижозат этилган шахсларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш уларни албатта бактериоскопик текширувдан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган даврийликда рентген-флюорография текширувидан ўтказишни ўз ичига олади.

Сил касаллигининг юқумли шаклларига чалинган беморларнинг ётоқхоналарга кўчиб киришига йўл қўйилмайди.

Сил касаллигига чалинган беморларнинг яшаш, иш, ўқиш жойларида (эпидемия ўчоқларида) эпидемияга қарши ва соғломлаштириш тадбирлари қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

6-модда. Сил касаллигига чалинган шахсларни ҳисобга олиш

Олдинги таҳрирга қаранг.

Тиббиёт муассасалари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, Миллий хавфсизлик хизматининг, Давлат божхона қўмитасининг тиббий хизматлари тиббий кўрик натижасида сил касаллиги борлиги аниқланган шахслар ҳақида уларнинг турар жойларидаги сил касаллигига қарши кураш муассасаларини хабардор қилишлари шарт.

(6-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 22 декабрдаги ЎРҚ-238-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 553-модда)

Сил касаллигига чалинган шахслар турар жойларидаги сил касаллигига қарши кураш муассасасида ҳисобга олинади.

7-модда. Тергов ҳибсхоналарида ва жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларни сил касаллигидан муҳофаза қилиш

Тергов ҳибсхоналарида ва жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар сил касаллигининг олдини олиш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларда мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши шарт.

LexUZ шарҳи

Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигининг «Қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган шахсларни тиббий хизмати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат № 994, 22.12.2000 й.) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ИИВ тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар тиббий таъминоти бўйича Қоидаларга (рўйхат № 1182, 24.10.2002 й.) қаранг.

Тергов ҳибсхоналарида ва жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар сил касаллигига чалинган ҳолларда уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилади.

Тергов ҳибсхоналарида ва жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган, сил касаллигининг юқумли шаклларига чалинган шахслар ажратиб қўйилади ва даволаш учун ихтисослаштирилган сил касаллигига қарши кураш муассасаларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ётқизилади.

 LexUZ шарҳи

Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг «Ўзбекистон Республикаси ИИВ тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар тиббий таъминоти бўйича Қоидаларни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 1182, 24.10.2002 й.) қаранг.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тиббий хизмати ходимлари тергов ҳибсхоналарида ёки жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг турар жойларидаги сил касаллигига қарши кураш муассасаларини қуйидагилардан хабардор қилишлари шарт:

мазкур шахслар сил касаллигига чалинганлиги илк бор аниқланган ҳар бир ҳолат ҳақида;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинаётган, сил касаллигига чалинган беморлар ҳақида;

мазкур шахсларнинг сил касаллигидан вафот этганлиги ҳолатлари ҳақида.

Жазони ижро этиш муассасалари маъмурияти озод қилиниш тўғрисидаги маълумотномаларда жазони ўтаб бўлган шахсларда сил касаллиги бор-йўқлиги ҳақида белги қўйиши шарт.

Ички ишлар органлари:

жазони ижро этиш муассасасидан келган, сил касаллигига чалинган бемор шахснинг паспортини ёки бошқа ҳужжатини расмийлаштириш пайтида сил касаллигига қарши кураш муассасасини у хизмат кўрсатаётган ҳудудга сил касаллигига чалинган бемор келганлиги ҳақида хабардор қилади ва унинг яшаш манзилини кўрсатади;

жазони ижро этиш муассасаларидан келган, сил касаллигига чалинган беморлар сил касаллигига қарши кураш муассасаларида ҳисобга олиниши устидан назоратни амалга оширади.

8-модда. Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилишга доир ветеринария-санитария тадбирлари

Ветеринария хизматлари аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш мақсадида ҳайвонларни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг давлат ветеринария хизмати белгилаган тартиб ва муддатларда мажбурий тарзда туберкулин ёрдамида ташхис қўйишдан ўтказади.

Сил касаллигига чалинган ва соғлом ҳайвонларни бирга сақлаш, шунингдек сил касаллигига кўра ноқулай бўлган чорвачилик объектларидаги ҳайвонлар ва чорвачилик маҳсулотларини эркин реализация қилиш тақиқланади.

Сил касаллигига кўра ноқулай бўлган чорвачилик объектларидаги ҳайвонлар белгиланган тартибда фақат гўшт комбинатларида ва кушхоналарда сўйилади.

Сил касаллигидан ўлган ҳайвонларни, шунингдек уларнинг зарарланган аъзолари, тўқималари ва таналарини утилизация қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Санитария-эпидемиология, ветеринария хизматлари муассасалари ҳамда сил касаллигига қарши кураш муассасалари одамлар ва ҳайвонларнинг сил касаллигига чалиниш ҳоллари тўғрисида ўзаро хабар бериб турилишини таъминлайдилар.

9-модда. Аҳолига сил касаллигига қарши ёрдам кўрсатиш

Аҳолига сил касаллигига қарши ёрдам кўрсатиш сил касаллигининг олдини олишга, унга барвақт ташхис қўйиш, уни вақтида ва малакали даволашга қаратилган махсус профилактика, санитария-эпидемиология ва ветеринария тадбирлари ўтказишни ўз ичига олади.

Аҳолига сил касаллигига қарши ёрдам фуқаролар ихтиёрий равишда мурожаат қилганда, уларнинг ўз розилигига кўра ёхуд қонуний вакилларининг розилиги билан кўрсатилади.

Давлат органлари аҳолига сил касаллигига қарши ёрдам кўрсатиш учун:

сил касаллигига қарши амбулатория, стационар ва санаторий ёрдами кўрсатувчи муассасаларни ташкил этади;

сил касаллигига чалинган болаларни сил касаллигига қарши курашувчи стационар ва санаторий муассасаларида ўқитиш учун шароитлар яратади;

сил касаллигига чалинган шахсларнинг меҳнат терапиясини ташкил этиш ҳамда уларни янги касбларга ўргатиш учун сил касаллигига қарши кураш муассасаларида даволаш-меҳнат устахоналарини барпо этади;

сил касаллигига чалинган шахсларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида бошқа чора-тадбирларни кўради.

10-модда. Аҳолига сил касаллигига қарши ёрдам кўрсатилиши устидан назорат қилиш

Аҳолига сил касаллигига қарши ёрдам кўрсатилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг давлат ветеринария хизмати, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек сил касаллигига қарши кураш муассасаларига эга бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан амалга оширилади.

11-модда. Сил касаллигига чалинган шахсларнинг ҳуқуқлари

Сил касаллигига чалинган шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзларига нисбатан мурувватли ва инсоний муомала қилиниши;

ўз ҳуқуқлари тўғрисида ҳамда чалинган касалликларининг хусусияти ва қўлланилаётган даволаш усуллари ҳақида маълумот олиш;

сил касаллигига қарши ёрдам кўрсатишнинг барча турларини, шу жумладан амбулатория ва стационар шароитларида маслаҳат-ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация ёрдамини, сил касаллиги билан боғлиқ барча экспертиза турларини, санитария-профилактика ёрдамини олиш;

ихтисослаштирилган санаторийларда даволаниш;

ижтимоий-маиший ёрдам олиш;

ишга жойлашишда кўмак олиш;

ўқиш ва қайта таълим олиш.

Олдинги таҳрирга қаранг.

Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган, сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимида ғайриихтиёрий тартибда даволанаётган шахслар мазкур моддада назарда тутилган барча ҳуқуқлардан фойдаланади, шу жумладан бирор-бир чекловларсиз хатлар ёзиш ва олишга, посилкалар, бандероллар ва пул жўнатмалари олишга, телефондан фойдаланишга, энг зарур нарсаларга эга бўлиш ва уларни олишга, ўз кийим-бошидан фойдаланишга ҳақли.

(11-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)

Сил касаллигига чалиниш оқибатида меҳнат қобилиятини вақтинчалик йўқотган шахсларнинг иш жойи, эгаллаб турган лавозими белгиланган тартибда уларда сақланиб туради ҳамда уларга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланади.

 LexUZ шарҳи

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 285-моддасига қаранг.

Ётоқхоналарда, шунингдек аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг турар жойларида яшовчи шахсларда сил касаллигининг юқумли шакллари аниқланган тақдирда, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда алоҳида уй-жой майдони берилади.

Сил касаллигига чалинган шахсларнинг болалари ихтисослаштирилган мактабгача тарбия болалар муассасаларига, мактаблар, интернатлар ва санаторий-соғломлаштириш муассасаларига навбатдан ташқари қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланадилар.

Сил касаллигига қарши кураш муассасаси ёки санаторийсида даволанаётган болаларга умумий ўрта таълим дастури бўйича ўқиш имконияти яратилади.

Сил касаллигига чалинган ва шу туфайли ногирон деб топилган болаларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари) сил касаллигига қарши кураш муассасасида болалари билан бирга бўлиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сил касаллигига чалинган беморлар ва уларни кузатиб борувчи шахслар сил касаллигига қарши кураш санаторийсига бориб келишда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан йилига бир марта текин юриш ҳуқуқига эга. Сил касаллигига қарши кураш муассасаларига маслаҳат олиш ва даволаниш учун чақирилаётган ёки юборилаётган, сил касаллигига чалинган беморлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан текин юриш (бориб келиш) ҳуқуқига эга.

12-модда. Сил касаллигига чалинган шахсларнинг мажбуриятлари

Сил касаллигига чалинган беморлар:

жамоат жойларида, иш, ўқиш жойида, жамоат транспортидан фойдаланишда, шунингдек яшаш жойларида шу тоифадаги беморлар учун белгиланган санитария нормалари ва қоидаларига риоя этишга;

тиббиёт ходимининг даволаниш режимига, кундалик турмуш ва ишдаги юриш-туришига доир тавсияларини бажаришга;

тиббиёт ходимининг чақирувига мувофиқ сил касаллигига қарши кураш муассасасига келишга;

турар жойи ўзгарган тақдирда ўн кунлик муддат ичида янги жойдаги сил касаллигига қарши кураш муассасасида ҳисобга туришга мажбурдирлар.

Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган ва шифокор белгилаган даволанишдан бўйин товлаётган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Олдинги таҳрирга қаранг.

121-модда. Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган, тиббий текширувдан ва (ёки) даволанишдан бўйин товлаётган шахсни даволаш

Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган, диспансер ҳисобида турган ҳамда тиббий текширувдан ва (ёки) даволанишдан бўйин товлаётган шахс сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига суднинг ҳал қилув қарори асосида ғайриихтиёрий тартибда ётқизилиши керак.

Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ариза ушбу муассаса тиббий комиссиясининг тиббий текширувдан ва (ёки) даволанишдан бўйин товлаётган мазкур шахсни ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш зарурлиги ҳақидаги хулосаси қабул қилинган кундан эътиборан бир сутка ичида берилади. Ариза судга шахс диспансер ҳисобида турган ёки даволанаётган ёхуд унинг яшаш (турган) жойидаги сил касаллигига қарши кураш муассасаси томонидан берилади.

(121-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)

Олдинги таҳрирга қаранг.

122-модда. Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахснинг сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимида ғайриихтиёрий тартибда даволанишда бўлиши муддатлари

Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахснинг сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимида ғайриихтиёрий тартибда даволанишда бўлишининг давомийлик муддати олти ойгача этиб белгиланади.

Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган, сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимида ғайриихтиёрий тартибда турган шахс ўзининг мазкур муассасадан чиқарилиши ёки ушбу муассасада ётиши муддати узайтирилиши масаласи ҳал этилиши учун ўзидан сил микобактериялари ажралиб чиқиши нуқтаи назаридан ҳар ойда камида бир марта белгиланган тартибда тиббий текширувдан ўтказилиши керак.

Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимида ғайриихтиёрий тартибда ётиши муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза ушбу муассаса тиббий комиссиясининг шахс даволанишда бўлган муассасада ётиши муддатини узайтириш зарурлиги ҳақидаги хулосаси асосида судга берилади.

Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахснинг сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимида ғайриихтиёрий тартибда даволанишда бўлиши муддати ушбу муассаса тиббий комиссиясининг хулосаси асосида суд томонидан олти ойгача узайтирилиши мумкин.

Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган, сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимида ғайриихтиёрий тартибда даволанишда бўлган шахс мазкур муассасадан қуйидагилар асосида чиқарилиши керак:

ўзидан сил микобактериялари ажралиб чиқиши барқарор равишда тугаган тақдирда сил касаллигига қарши кураш муассасаси тиббий комиссиясининг хулосаси;

суднинг сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш муддатини узайтиришни рад этиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори.

Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган, сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимида ғайриихтиёрий тартибда даволанишда бўлган шахс мазкур муассасадан чиқарилганидан кейин яшаш жойида диспансер кузатувида бўлиш ва даволанишни давом эттириш учун юборилади.

(122-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)

Олдинги таҳрирга қаранг.

123-модда. Суднинг сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини ижро этиш

Суднинг сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини ижро этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.

(123-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)

13-модда. Сил касаллигига қарши ёрдам кўрсатишда иштирок этаётган ходимлар учун кафолатлар ва имтиёзлар

Аҳолига сил касаллигига қарши ёрдам кўрсатишда иштирок этаётган тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимлар меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос ишларда банд бўлган шахслар жумласига киритилади ва уларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар берилади.

 LexUZ шарҳи

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорининг 2-банди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 12 майдаги 250-сонли «Имтиёзли шароитларда пенсия ҳуқуқи берувчи ишлаб чиқариш, муассасалар, иш, касб, лавозим ва кўрсатгичларнинг рўйхатини тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига 3-илованинг I қисми XXV бўлимига қаранг.

Тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимларга улар хизмат вазифаларини бажариш чоғида сил касаллиги юқса, бу — касбий касалликлар тоифасига киритилади.

14-модда. Аҳолига сил касаллигига қарши ёрдам кўрсатишни молиялаштириш

Аҳолига сил касаллигига қарши ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш бюджет маблағлари, бюджетдан ташқари манбалар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

15-модда. Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 LexUZ шарҳи

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддасига қаранг.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2001 йил 11 май,

215-II-сон.