Сил касаллиги ижтимоий хавфи юқори хасталиклар тоифасига киради.

Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳар йили 24 мартни Жаҳон сил касаллигига қарши кураш куни сифатида нишонлаб келади. БМТнинг ҳисоб-китобларига қараганда, 2016 йилда 9,6 миллион киши сил касаллигига чалинган, улардан 1,5 миллиони ҳаётдан кўз юмган. Бироқ, ўтган йили сил касаллиги туфайли вафот этиш кўрсаткичи 1990 йилга қараганда 47 фоизга пасайган. Дунё миқёсида амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли 2012-2016 йиллар оралиғида сил касаллигига чалинган 43 миллион беморнинг ҳаёти сақлаб қолинган. 2016 йилда касалликка чалиниш билан боғлиқ энг кўп ҳолат Африка қитъасида қайд этилди: ҳар минг кишига 281 нафар. 2016 йилда сил касаллигининг 80 фоизи 22 мамлакат ҳудудида қайд этилди. Айниқса, Ҳиндистон, Индонезия, Нигерия, Покистон, Хитой ҳамда ЖАРда кўрсаткичлар анча юқори. Жаҳон миқёсида сил касаллигига қарши курашиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Бунда аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, оилада гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш ҳамда белгиланган муддатда тиббий кўрикдан ўтиш муҳим аҳамиятга эга.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2016 йилда дунёда сил эпидемиясига қарши курашиш, касалликка чалиниш ва у билан боғлиқ ўлим хавфини камайтириш, унга сарфланадиган харажатларни қисқартиришни назарда тутувчи ҳаракат дастурини қабул қилди. У 2017 йилдан 2030 йилга қадар сил касаллиги туфайли юзага келадиган ўлимни 90 фоизга камайтиришни ҳам назарда тутади.

 Давоси бор касаллик

Сил — асрлар давомида инсониятга маълум юқумли хасталик. Эрамиздан аввалги V асрда қадимги юнон олими Гиппократ силга ўша даврда энг кенг тарқалган касаллик сифатида таъриф берган. У касалликка қарши чора йўқлиги, беморнинг ўлими шифокорларнинг обрўсига путур етказмаслиги учун ҳамкасбларига сил касаллигига чалинганлар олдига бормасликни маслаҳат берган. Сил касаллигини даволаш йўлида илк қадамни шу хасталикка чалинган немис олими Герман Бремер қўйган. Шифокорлар унга табиати сўлим жойларга бориб ҳордиқ чиқаришни тавсия этади. Бремер эса Ҳимолай тоғларига саёҳат қилиб, ўз юртига тузалиб қайтади. Шундан сўнг у тиббиёт билан астойдил шуғуллана бошлайди. 1854 йилда ўз даврининг шов-шувига сабаб бўлган “Сил — давоси бор касаллик” мавзусида диссертация ҳимоя қилди. 1859 йилда Бремер Грёберсдорфда сил касаллигига чалинганларни даволашга мўлжалланган дунёдаги илк санаторияга асос солди.

1882 йилда немис микробиологи Роберт Кох касаллик чақирувчи — таёқчаларни кўриш, аниқлаш, тасвирлаш имконини берувчи усулни кашф этди. 1905 йилда олим бу кашфиёти учун Нобель мукофотига сазовор бўлди. Нобелга лойиқ кўрилган яна бир ихтиро — рент­ген нури касаллик даражасини аниқлаш имконини берди. Ўтган асрнинг 30-йиллари касалликка қарши илк антибиотиклар тайёрланди. Бироқ бундай дори воситалари сил микобактериясига қарши курашишда яхши самара бермади. Фақат 1943 йилга келиб сил микобактерияси кўпайишининг олдини олувчи дори воситаси — стрептомицин кашф этилди. Унинг кашфиётчиси Сельман Ваксман 1952 йилда Нобель мукофоти билан тақдирланди. Бу тиббиёт соҳасида чинакам инқилоб бўлди — касаллик чақирадиган Кох таёқчаси (сил микобактерияси)га бевосита таъсир ўтказиш воситасига айланди. Кейинроқ бошқа дори воситалари, хусусан, 1966 йилдан рифампициндан ҳам фойдаланила бошланди. Ўтган асрнинг 70-йилларида фтизиатрлар даволаш “чизмаси”ни ишлаб чиқди. Унинг таркибига  рифампицин, стрептомицин, пиразинамид ва изониазид каби дори воситалари киритилди. Уларнинг самарадорлиги юқори бўлиб, касаллик қайталанишини камайтиришга хизмат қилди. Шундан сўнг сил касаллигига чалиниш кўрсаткичлари камая бошлади. Бу ҳолат касаллик ўзини яна “намоён” этишни бошлаган 90-йилларга қадар сақланиб қолди. Шундан сўнг фтизиатрия (тиббиётнинг сил билан шуғулланувчи тармоғи)да кимётерапиядан кенг фойдаланила бошланди. Бу усул бугунги кунда ҳам анча самаралидир.

 

Огоҳлик — энг ишончли тўсиқ

Қадимда сил наслдан-наслга ўтувчи ирсий касаллик деб ҳисобланган. Аслида у одамдан одамга ҳаво-томчи йўли орқали юқишини ҳеч ким билмаган. Шарқнинг машҳур алломаси, табобат илми султони Абу Али ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” асарида силнинг ташқи омиллар таъсирида юқиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирган. Дарҳақиқат, асосан ўпка фаолиятини издан чиқарувчи “мycobacterium tuberculosis” бактерияси сил касаллиги қўзғатувчиси саналади. Микроблар бемор йўталганда, аксирганда, қаттиқ гаплашганда атрофга тарқалади. Бу кўзга кўринмас зарраларда минглаб сил таёқчалари бўлади. Улар ҳавода бир неча соатгача сақланиши мумкин. Ўпка сили билан касалланган бемор хонада узоқ вақт қолса, ҳавода бактериялар кўпайиб, бошқа кишиларнинг нафас йўлларига ўтади. Бу эса силни юқтиришнинг асосий сабаби бўлиб, ҳаво-томчи усули деб юритилади.  Сил микобактериялари мавжуд бўлган ҳаводан нафас олган кишининг иммунитети паст бўлса, хас­таликни юқтиради. Ўпка силида хасталикнинг асосий белгиси йўтал бўлиб, у узоқ вақт давом этади (2-3 ҳафтадан ортиқроқ) ҳамда бунда балғам ажралиши, айрим ҳолларда эса қон тупуриш, кўкрак қафасида оғриқ, тез-тез нафас олиш кузатилиши мумкин. Суяк ва мушак силида эса оғриқ, ҳаракатларнинг чекланганлиги, шишларнинг пайдо бўлиши ва мушаклар деформацияси кўзга ташланади. Буйрак силида оғриқ белда ва сийдик чиқаришда кузатилади. Бош мия пардалари силида кучли бош оғриғи кузатилиб, бунда ҳеч қандай дори-дармон ёрдам бермайди. Кейинчалик эса таом истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлмаган кўнгил айниши, қайт қилиш вужудга келади.

Агар одамда сил касаллиги ривожланиб борса, унинг дастлабки босқичида йўтал, иситма, терлаш, вазн йўқолиши каби асоратлар бир неча ой давомида “мудроқ” ҳолатда бўлади. Бу эса шифокорга мурожаатнинг ортга сурилишига ва касалликнинг бошқа одамларга юқишига олиб келади. Ўпка сили билан хасталанган беморнинг оила аъзолари ва у билан яқин мулоқотда бўладиган одамларда микобактерияни юқтириб олиш хавфи юқори бўлади. Дунё аҳолисининг қарийб учдан бир қисми силнинг бошланғич кўриниши билан оғриган. Бу силнинг микобактерияси дейилади. Микобактерия билан зарарланган одам ҳали сил касаллигига чалинмаган бўлади ва уни юқтира олмайди. Бундай  одамларнинг 10 фоизи ҳаёти давомида сил касаллигига чалиниши мумкин. Бироқ улар орасида иммунитети суст, ОИВ ёки қандли диабетга йўлиққан, тўйиб овқатланмайдиган, тамаки, спиртли ичимликлар истеъмол қиладиганларнинг сил касаллигига чалиниш хавфи юқори. Сил касаллигига чалинган бундай беморларда даволаш ишлари тўғри олиб борилмаса, уларнинг 45 фоизи ҳаётдан кўз юмади. Сабаби ОИВ ҳамда сил бир-бирининг ривожланишини жадаллаштириб, ўлим хавфини оширади. Мисол учун, ўтган йили ОИВ инфекцияси билан хасталанганларнинг учдан бир қисмининг ўлимига ҳам айнан шу касаллик сабаб бўлган.

 

Олдини олган афзал

“Шифокорлар даволанишдан бош тортадиган беморлардан кўпроқ ташвишга тушади, — дейди Ўзбекистон врачлар ассоциацияси Тошкент вилояти бўлими раиси Абдувоҳид Содиқов. — Бу фақат уларнинг атрофдагилар саломатлигига хавф солиши билан изоҳланмайди. Гап шундаки, мунтазам ва нотўғри олиб борилган даволаш ишлари сил микобактерияларини уни бартараф этишга хизмат қиладиган дори воситаларига нисбатан “чидамли” қилиб қўяди. Бунда даволаш самара бермаслиги мумкин. Бундай микобактериялар билан зарарланган беморларни стандарт дори воситалар билан даволашнинг имкони бўлмайди, бу эса тиббиёт ходимларининг ишини оғирлаштиради”.

Сил — узоқ муддат даволанишни талаб этадиган касаллик. Амбулатор шароитда беморлар ҳар куни сил касаллигига қарши курашиш диспансерларига келиб, кунлик дорини қабул қилишлари керак. Бир келишда бир ойга етадиган дорини олиб кетиш мумкин эмас. Бу дунё миқёсида қабул қилинган умумий меъёр бўлиб, мақсад — дори воситаларнинг ўз вақтида истеъмол қилинишини қатъий назорат қилишдан иборат.

“Силга кўпинча ночор ҳаёт кечирадиганлар касаллиги деб қаралади, — дейди Ўзбекистон врачлар ассоциацияси Тошкент вилояти бўлими ходими Нодира Нурмуродова. — Бироқ бугунги кунда, ҳатто фаровон ҳаёт кечираётган одамлар ҳам унга чалиниши мумкин. Бунга касаллик авж олган минтақаларга аҳоли миграциясининг кучаяётгани сабаб бўлмоқда. Қолаверса, кучли руҳий зўриқиш ҳам бунда муҳим омил бўлаётир. Организми ҳолсиз бўлиб қолган одамлар сил микобактериялари таъсирига тез тушиб қолади. Таниқли олим Николай Гамалей ўз вақтида сил таёқчасига бежиз “даҳшатли зирҳланган” деб таъриф бермаган эди. Хонадондаги артилмаган полда у 10-12 ой фаол ҳолатда “яшайди”. Сил билан касалланган бемор қўлга олган китоб 3-4 ойгача бактерияни ўзида сақлайди. Таёқчалар паст ҳаво ҳароратига чидамли: улар 23 даража совуқда олти йилгача йўқолмайди. Шунга қарамай, қуёш нури уларни 3-4 соатда “ўлдиради”. Беморларга иссиқ минтақаларга бориш тавсия этилишининг сабаби ҳам аслида шу: сил таёқчаси ўта хавфли эканида! Бироқ касалликни эрта аниқлаш уни назоратга олиб, бартараф этиш имконини беради. Шу боис огоҳлик ниҳоятда зарур. Ҳар йили флюографиядан ўтиш, болаларни эмлаш муҳим аҳамиятга эга”.

Дарҳақиқат, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, ўз вақтида шифокор кўригидан ўтиб туриш касалликнинг олдини олишда муҳим. Бугун бу борада бир нечта усуллар мавжуд. Улардан бири — эмлаш. Бунда эмлаш орқали организмда сил инфекцияси бор-йўқлигини аниқлаш мумкин. Эмлашдан сўнг терида юзага келадиган ўзгаришлар орқали сил қўзғатувчиси мавжудлиги борасида бир тўхтамга келинади. Шунинг­дек, туғруқхоналарда болаларга силга қарши махсус вакцина қўлланилади. Бола эмланганидан сўнг унда касалликка қарши иммунитет ҳосил бўлади. Бироқ бу касалликдан тўлиқ ҳимояланиш имконини бермайди. Агар бола сил касаллигига чалинган одам билан тез-тез бирга бўлса, уни юқтириб олиши мумкин. Бироқ эмлаш касалликнинг энг ёмон шакли — сил менингити ривожланишининг олдини олади. Шунга қарамай, ушбу вакцина касалликдан бутун умрга ҳимояланиш имконини бермайди. Шу боис бола 7-8, ҳатто, 14 ёшга тўлганида ҳам эмланади.

Жиддий ёндашув ва самарали натижа

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, турли юқумли касалликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда ва улар ўз ҳаётий самараларини бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 мартда қабул қилинган “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида сил касаллиги билан касалланишни камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида бу соҳадаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда. Жаҳон тиббиётининг илғор усуллари ва воситаларидан самарали фойдаланилмоқда. Натижада мамлакатимизда силни даволаш самарадорлиги 87 фоизга етган. Ҳолбуки, жаҳонда ушбу кўрсаткич 85 фоизни ташкил этади.

Бу дардга чалинганлар узоқ муддатли тиббий-ижтимоий кўмакка эҳтиёж сезади. Мамлакатимизда бундай беморлар давлат муҳофазасига олинган. Уларга барча тиббий хизмат, дори-дармонлар бепул. Буларнинг самарасида мамлакатимизда сил бўйича эпидемиологик вазият яхши сақланмоқда. Ке­йинги ўн йилда бу борада ўлим кўрсаткичи уч марта, касалланиш деярли икки баробарга камайди. Беморларни соғломлаштириш муддати 8-10 ойдан икки ойгача қисқарди. 

Ана шундай тизимли ишлар натижасида кейинги йилларда мамлакатимизда сил билан касалланишни қирқ фоизга, ўлим кўрсаткичини етмиш фоиздан кўпроқ камайтиришга эришилди. Халқаро экспертлар силга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича мамлакатимиз эришаётган ютуқларни, бу йўналишда орттирилган миллий тажрибани алоҳида эътироф этмоқда.

Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази мамлакатимизда фтизиатрия хизматини такомиллаштириш, хусусан, сил ва сурункали ўпка касалликларига қарши курашиш, мазкур хасталикларни энг замонавий муолажалар асосида самарали даволашга йўналтирилган етакчи илмий муассасадир. Марказнинг референс лабораторияси сифат кўрсаткичлари учун халқаро сертификат билан тақдирланган жаҳондаги энг яхши ўнта лабораториядан бири эканини таъкидлаш жоиз. Ҳудудлардаги шифохоналар ҳам касалликни аниқлаш ва ташхис қўйиш бўйича замонавий аппаратлар билан таъминланган. Касаллик профилактикаси, диагностикаси ва даволаш ишлари кучайтирилган. Бу жараёнда жаҳон тиббиётининг илғор услулларидан самарали фойдаланилмоқда. Хусусан, тиббий текширувларнинг бактериологик асосда ташкил этилаётгани хасталикни эрта аниқлаш, халқаро стандартлар асосида даволаш имконини бермоқда. Бу тизим хасталик даволаниши ва дорилар таъсир кўрсаткичини мунтазам ўрганиб ва баҳолаб боради. Тиббиёт марказининг ёш ва иқтидорли мутахассислари силга қарши курашнинг илғор усуллари ва жарроҳлик амалиёти бўйича АҚШ, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Малайзия, Нидерландия, Россия сингари мамлакатларнинг нуфузли клиникаларидаги ҳамкасблари билан мунтазам тажриба алмашиб келмоқда. 

 http://vrachlar.uz/